Ўзбек миллий рақси ўзининг жозибаси, гўзаллиги, мафтункорлиги билан ажралиб туради. Миллий рақс халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва эртаси, миллий ўзлиги, руҳияти ва орзу-умидлари, армонларини ўзида акс эттирган санъат туридир.
Ўзбекистон давлат хореография академияси ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасимов билан суҳбатимиз миллий рақс санъатининг аҳамияти, соҳада эришилаётган ютуқлар, шу билан бирга, мавжуд муаммо ва камчиликлар, долзарб масалалар ҳақида кечди.
– Ўзбек миллий рақс санъатининг жаҳон маданиятида тутган ўрнини илмий жиҳатдан ўрганиш, маҳоратли раққосаларни тайёрлаш бўйича Хореография академияси томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Жаҳон халқларининг ҳар бири ўз илдизи, тарихи, анъаналари, миллий санъати ва қадриятларига эга. Санъат – ҳаёт ҳақидаги фандир. Ҳар бир фанни тадқиқ этиш учун унинг тушунчаларини ифодаловчи терминларини билиш лозим. Санъат ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, унинг бизни қизиқтирган қирраларидан бири – рақс санъати ҳисобланади.
Президентимиз қарори билан Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилди. Шу билан бирга, академия учун замонавий ўқув биноси ҳамда талабалар турар жойи қурилиб, шахсан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан тантанали тарзда очиб берилди. Ўтган йиллар давомида академиямизда кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, рақс санъати бўйича юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, илмий тадқиқотлар натижалари юзасидан маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётлар тайёрланиб, нашр қилиняпти. Илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани эса биз учун улкан натижа. Сабаби, хореография бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмаганига анча бўлган эди.
Талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантлар асосида уларнинг хорижда таълим олиши, илмий-ижодий ишлар олиб бориши самарали йўлга қўйилган. Ҳали олдимизда бажарилиши керак бўлган вазифалар кўп. Соҳа мутахассисларини хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, стажировка ўташ тизимини ташкил этиш, талабаларнинг илмий-тадқиқот муассасалари базаларида ҳамда хорижий мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида тизимли равишда қисқа ва узоқ муддатли амалиётларини ташкил этиш каби ишларни бажаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
– Рақс санъати йўналишидаги узлуксиз таълим, яъни мактабгача таълим ташкилотларидан тортиб Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва ҳудудлардаги ихтисослаштирилган бошланғич рақс санъати мактаб-интернатларининг фаолияти бугунги давр талаби даражасида ташкил этилганми?
– Бугун рақс бўйича узлуксиз таълим тизими ҳам жорий қилинган. Республикамиздаги барча мактабгача талим муассасаларида хореография санъатидан дарс бериш учун алоҳида ўринлар ажратилган. Кейинчалик эса рақсга қизиқувчи барча ёшлар мактаб ва бизнинг рақс академиямизда таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади. Мазкур соҳада яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, қизғин жараёнлар давом эттирилмоқда.
Жаҳондаги илғор тажрибаларни атрофлича ўрганган ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш, академиянинг илмий-педагог кадрлари таркибини асосан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Маданият вазирлиги тизимида фаолият кўрсатаётган, хорижий таълим ва илмий муассасаларда малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, соҳанинг салоҳиятли етук мутахассислари – амалиётчилар билан шакллантириш, республикада мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатларда рақс санъатини ўқитиш фаолиятини янада ривожлантириш, рақс санъатининг ижодий, илмий-услубий ва ижро анъаналарини пухта ўзлаштириш ва муносиб давом эттириш, бунда таълим муассасаларига моҳир рақс усталарини бириктириш ва шу асосда “устоз-шогирд” мактабларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Алоҳида таъкидлашни истардимки, Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг сони кўпайиши ҳамда шароитлари бугунгидан-да яхши бўлиши учун доимий ҳаракатдамиз. Шу билан бирга, мазкур муассасаларда рақс дарслари сифатини ошириш бўйича рақсга доир ўқув дастурлари ишлаб чиқарилиб, ягона ўқув тизимини шакллантиришга доир ишлар амалга оширилмоқда.
– Сизнингча, миллий рақс санъатимиз ривожидаги муаммолар, унинг янада равнақ топишига тўсиқ бўлаётган омиллар нима?
– 2020 йил 4 февралда эълон қилинган “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор том маънода миллий рақс санъати тараққиёти ва хореография таълими тизимида янги даврни бошлаб берди. Зеро, санъатнинг бошқа турлари каби миллий рақс ҳам миллатнинг ўзлигини, қадим ўтмишини, орзу-умидларини акс эттиради.
Устоз санъаткорлар томонидан яратилган, ижро этилган рақсларнинг номлари, атрибутлари ва либосларининг номларини ёзиб олиш, тўплаш, уларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги тавсифини шакллантириш, саралаш ва таснифлаш ҳамда илмий тадқиқотлар учун материал йиғиш, миллий рақс намуналарининг видео вариантини яратиш ва кўпайтириш энг долзарб ва муҳим масалалардан бири.
Миллий рақсимиз дурдоналарини асраб-авайлаш, уларни янгича мазмун билан бойитиш ҳамда тарғиб қилишда замонавий технологиядан унумли фойдаланиш, видео ва аудио роликлар яратилиши керак. У миллатнинг ўтмишини, ўзлиги, руҳияти ва орзу-умидлари, ички кечинмаларини ўзида акс эттирган ноёб санъат намунасидир.
Унинг тарихини ўрганиш халқнинг урф-одатлари ва анъаналарини, бугуни ва келажагини тадқиқ қилиш демакдир. Рақснинг маданий-маърифий, ижтимоий ҳаётимиздаги ўрнини белгилашда йўқолиб бораётган рақсларни тиклаш, уларнинг ҳамда либослар, безаклар ва тақинчоқларнинг номлари, рақс ҳаракатларига оид атамаларнинг каталогини тузиш каби муаммоларни ҳал қилиш муҳимаҳамият касб этади.
– Миллий рақс санъатимиз ҳақида сўз кетганда, “Лазги”ни тилга олмасликнинг иложи йўқ. “Лазги”ни миллий рақс санъатимизнинг гултожи дейиш мумкин. Хива шаҳрида ўтказилган “Лазги” халқаро рақс фестивали, унинг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни, хулосаларингизни ўртоқлашсангиз.
– Бугунги кунга қадар мамлакатимизда “Халқаро мақом анжумани”, Халқаро бахшичилик фетиваллари ўтказилган эди. Президентимизнинг ташаббуси билан шу йил 25-30 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида илмий-амалий конференция ўтказилгани эса юртимизда санъатга эътибор юксак даражада эканини кўрсатади.
ЮНЕСКО, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган рақс байрамида 30дан ортиқ давлатдан санъаткорлар, рақсшунос олимлар ва рақс ансамблларининг қатнашганлиги миллий рақс санъатимизнинг қадим илдизлари жаҳон халқлари тамаддуни ва мифологик тафаккурининг илк маданий босқичлари билан боғлиқ эканлигининг яна бир исботидир.
Бизни қувонтирган энг муҳим жиҳатлардан бири — мазкур фестивалда академиямизнинг нафақат ўқитувчилари, балки талабалари ҳам иштирок этди. Бу улар учун катта тажриба майдони бўлди. Хорижликлар миллий рақсимиз билан биргаликда Хоразмнинг қадимий обидалари билан, минг асрлик тарихи билан ҳам танишдилар. Ўз-ўзидан уларнинг ҳайратлари бизнинг қалбимизни ғурурга тўлдирди.
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмасам бўлмайди. “Лазги” фестивалига бўлган қизиқиш унинг ёритилишида ҳам ўз аксини топди, деб ўйлайман. Хивада бўлган ҳар бир жараён жонли тарзда бутун дунё бўйлаб ёритилди. Бу учун мамлакатимиздаги ва юртимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакилларига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.
– Дунёда ўзбек миллий рақс санъатининг рамзи сифатида ном қозонган Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” рақс ансамбли қайта ташкил этилди. Шу каби машҳур ва номдор ансамбллар фаолиятини изчил давом эттириш, ана шундай янги ансамблларни ташкил этиш учун нима қилиш керак, қандай таклифлар берасиз?
– Барчамизга аён, Мукаррама Турғунбоева тимсолида ўзбек рақс санъатининг бутун жилоси ва жозибаси мужассам. У “Баҳор” рақс ансамблини ташкил қилиб, ўзбек рақсларининг дунё саҳнасига олиб чиқилишига ўз ҳиссасини қўшган. Айтиб ўтиш жоиз, ансамбль нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсида ҳам машҳур бўлган. Бадиий жамоанинг узоқ йиллик фаолияти миллий рақс санъати ривожида ўчмас из қолдирди. Бироқ мустақилликнинг илк йилларида “Баҳор”нинг ижодий фаолияти тўхтаб қолди. Очиғини айтиш керак, бу билан рақс санъатимизнинг мумтоз мактаблари қамрови ҳам камайиб борди. Уни келажакка етказиб бергувчи кўприк узилди. Гўёки “Баҳор” билан бирга кўп асрлик бой ва бетакрор маданиятимизнинг ажралмас қисми ҳам йўқликка маҳкум бўлди.
Миллий рақс санъатида профессионал бадиий жамоалар фаолиятини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, ижодий лабораторияларни ташкил этиш, шу билан бирга, ўзбек рақс санъатининг “олтин фонди”ни яратиш мақсадида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” бадиий жамоаси қайтадан ташкил этилиши чин маънода ўзбек рақсига баҳорни қайтарди. Мен ана шу жараёнларда бевосита иштирок этганимдан фахрланаман.
Мамлакатимизда ўз фаолиятини изчиллик билан олиб бораётган ансамбллар жуда кўп. “Лазги”, “Тумор”, “Тошкент зеболари”, “Навбаҳор”, “Наврўз”, “Шодлик” кабилар бунга яққол мисол бўла олади. Бугун уларга эҳтиёж, қизиқиш бор. Ўйлайманки, улар ўз устида ишлашдан тўхтамай, репертуарларини бойитишса, албатта, у ансамблнинг умри узоқ бўлади.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
суҳбатлашди